Jump to content

Дин

From Vikipediya
Диний рамзлар, чапдан ўнгга:
1-қатор. Христиан, яҳудий, ҳиндуий
2-қатор. Исломий, буддист, синтоий
3-қатор. Сикҳий, баҳоий, жаиний

Дин (арабча: دين – „эътиқод“, „ишонч“, „итоат“) жамоат томонидан шифрланган қадимий ёзувлар, мифология ва ритуалларга қатъий амал қилинган ҳолда бажарилувчи ҳаракатлар тўпламидир[1]; шунингдек, шахсий э’тиқод ҳамда мистик кечинмалардан иборат бўлиши ҳам мумкин. „Дин“ атамаси ҳам жамоат эътиқодига оид шахсий амалиётларни, ҳам гуруҳ томонидан бажарилувчи ритуалларга қўлланади.

Барча патриархал динлар бир ғояни илгари суришади: олам ва одамларни иккига, бири муқаддас, бошқаси куфр бўлган қисмларга бўлиш. Дин одатда ҳеч ким томонидан кузатилмайдиган ва аниқланмайдиган, ғайритабиий, муқаддас, энг юқори шахс ёки мавжудотга фокусланган ўзак эътиқод устига қурилган ижтимоий тизим, деб ҳам таърифланади. Ан’аналар, қадриятлар, институтлар, ритуаллар ва диний матнлар ўзак эътиқод билан боғлиқ кўрилади, ва булардан баъзилари секюлар фалсафа билан мос тушмаслиги мумкин. Динни шунингдек „турмуш тарзи“ ҳам дейишади.

Динларнинг келиб чиқиши турли маданиятларда турлича кечган. Айрим динлар ижтимоий тартибни белгилаб келган бўлса, бошқалари инсоннинг ички кечинмалари ва руҳиятини тартибга солишни кўзлайди.

„Дин“ сўзини баъзи ҳолларда „э’тиқод“ маъносида ҳам қўллашади, лекин бу доим ўринли эмас, зеро эътиқод шахсий ишончдан иборатдир, асло ижтимоий тизим эмас.

Дин – худо ёки худолар, ғайритабиий кучлар мавжудлигига ишониш. Дин муайян таълимотлар, ҳис-туйғулар, тоат-ибодатлар ва диний ташкилотларнинг фаолиятлари орқали намоён бўладиган, олам, ҳаёт яратилишини тасаввур қилишнинг алоҳида тарзи, уни идрок этишнинг ўзига хос усули. Диннинг пайдо бўлиши ҳақида ягона фикр йўқ. Ислом дини таълимотига кўра, дин – Аллоҳ томонидан ўз пайғамбарлари орқали башарият оламига жорий этилажаги зарур бўлган илоҳий қонунлардир. Табиат ва инсонни яратган, айни вақтда инсонга тўғри, ҳақиқий ҳаёт йўлини кўрсатадиган ва ўргатадиган илоҳий қудратга ишончни ифода этадиган таълимотдир.

Дин дунё, инсон, мавжудотларнинг келиб чиқиши, инсоннинг яшашдан мақсади каби саволларга ўзича жавоб беради. Дунёвий илм нуқтаи назаридан дин кишилик жамияти тарихий тараққиётининг маълум босқичида пайдо бўлган ижтимоий онг шаклларидан бири. Бу дунёқараш жамиятнинг маълум тарихий давр ва шароитларидаги талаблари, эҳтиёжлари асосида шаклланади. Улуғ мутафаккир Абу Наср Форобий динга фалсафа билан бир қаторда ҳақиқатга етишишнинг 2 мустақил усулидан бири сифатида қараган. Форобийнинг фикрича, фалсафадаги масалалар исботини пайғамбарлар рамзлар шаклида баён қилганлар. Динга турлича ёндошишни Беруний, Ибн Сино, Умар Хайёмнинг ижтимоий-фалсафий қарашларида, Ибн Рушднинг икки ҳақиқат назариясида кузатиш мумкин. 18-аср франсуз файласуфларининг динга бўлган ўзига хос ёндашувлари, 19-асрда мифологик мактаб (ака-ука Я. Грим ва В. Грим, М. Мюллер), антропологик мактаб (Л. Феербах) ва бошқа турли йўналишлар пайдо бўлган бўлса, 20-асрда динни тадқиқ қилиш юзасидан яна бошқача қараш ва назариялар (К. Юнг , Э. Дюркхейм) вужудга келди.

Диннинг нима эканлиги турлича изоҳланса-да, умуман олганда дин – ишонмоқлик туйғусидир. Бундай туйғуси бўлмаган халқ йўқ. Чунки бирон-бир халқ динсиз, эътиқодсиз, бирон-бир нарсага ишончсиз яшай олмайди. Дин инсониятнинг энг теран, энг гўзал маънавий-руҳий эҳтиёжларидан биридир. Инсоният тарихида дин турли шаклларда намоён бўлган. Диннинг дастлабки кўринишлари фетишизм, тотемизм, анимизм, сеҳргарлик ва б.дир. Шунингдек, уруғқабила динлари, миллий динлар (иудаизм, ҳиндуийлик, синтоизм, даосизм, конфуцийчилик), жаҳон динлари (буддизм, христианлик, ислом) вужудга келган. Дин аввалига кўпхудолик (поли-теистик), сўнгра яккахудолик (монотеистик) кўринишида бўлган. Ҳар бир дин диний дунёқараш, диний маросим, диний туйғу ва сиғиниш объектларини ўз ичига олади. Ҳар қандай жамиятда дин маълум ижтимоий, маънавий ва руҳий вазифаларни бажаради. Унинг ижтимоий ҳаётга таъсири кучлидир. Ҳар бир дин диндорларини ўз таълимоти доирасида сақлашга ҳаракат қилади, ўз қавмлари учун тасалли берувчи, овутувчилик вазифасини ўтайди. Динлар ўз маросим ва байрамларининг қавмлари томонидан қатий тартибга амал қилган ҳолда бажарилишини шарт қилиб қўяди, шунингдек, ўз қавмларининг бирлигини, жамият ва шахснинг ўзаро алоқада бўлишини таъминлашга интилади. Дин инсонга яшашдан мақсад, ҳаёт мазмуни, бу дунё ва у дунё масалаларига ўз муносабатини билдириб туради. У умуминсоний ахлоқ меъёрларини ўзига сингдириб, хулқ-атвор қоидасига айлантиради. Маданият ривожига катта таъсир кўрсатиб, умуминсоний ва миллий қадриятларни сақлаб қолиш ва авлоддан-авлодга етказиш ишига ёрдам беради.

Дин инсоннинг ишончли ҳамроҳи, одамзот ҳаётининг бир қисми бўлиб келган. Унга турли даврда турлича муносабатда бўлинган. Динни жамиятнинг ҳукмрон кучлари давлат сиёсати даражасига кўтарган ёки дин ҳамда диндорларни аёвсиз таъқиб остига олган ҳоллар тарихда кўп учрайди. Яқин ўтмишда – шўролар даврида динни камситиш ва унга қарши кураш сиёсати олиб борилди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, дин маданий-маънавий омиллар умумий силсиласига кирувчи тенг ҳуқуқли қадрият сифатида тан олинди ва динга тўла эркинлик берилди. Диний жамоалар, ташкилотларга қонун доирасида очиқ ва дахлсиз фаолият кўрсатиш имконияти яратилди. Ўзбекистан аҳолисининг асосий қисми ислом динига, европалик аҳоли христианликнинг православие мазҳабига эътиқод қилади. Улар билан бир қаторда католик, протестант, бошқа мазҳаб (жами 15 дан ортиқ конфессия) вакиллари яшайди. Улар ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, сиёсийижтимоий барқарорликни таъминлаш йўлида фаолият юритмоқдалар.

Ўзбекистон дунёвий давлат бўлиб, дин давлатдан ажратилган. Виждон эркинлигининг кафолатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, „Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида“ги қонунда (1998) баён этилган. Ўзбекистонда дин ва диний дунёқараш дунёвий турмуш тарзи, дунёвий фикр билан ёнма-ён ривожланиб келмоқда[2].

Тургунова Зиёда

Этимологияси

[edit | edit source]
Будда, Лаози ва Конфуций – Буддизм, Даосизм ва Конфуцийлик асосчилари – Минг сулоласи давридаги расм

Дин (инглизча: религион) атамаси ҳам Қадимги франсуз ва англо-норман тилларидан (милодий 1200-йилларда) келиб чиққан бўлиб, ҳуқуқ туйғусини ҳурмат қилиш, ахлоқий мажбурият, муқаддаслик, худоларга ҳурмат деган маъноларни англатади[3][4].

Яна қаранг

[edit | edit source]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. „Религион – Дефинитион оф Религион бй Мерриам-Wебстер“. 2021-йил 12-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 16-декабр.
  2. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  3. Андоза:ОЭтймД
  4. "Религион" Охфорд Энглиш Диcтионарй https://www.oed.com/viewdictionaryentry/Entry/161944 (Wайбаcк Мачине сайтида 3 Оcтобер 2021 санасида архивланган)

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • Беллармине, Роберт „Сермон 48: Тҳе Неcесситй оф Религион.“, . Сермонс фром тҳе Латинс. Бензигер Бротҳерс, 1902. 
  • Жамес, Паул; Мандавилле, Петер. Глобализатион анд Cултуре, Вол. 2: Глобализинг Религионс. Лондон: Саге Публиcатионс, 2010. 
  • Носс, Жоҳн Б.; Манъс Религионс, 6тҳ эд.; Маcмиллан Публишинг Cо. (1980). Н.Б.: Тҳе фирст эд. аппеаред ин 1949, ИСБН 9780023884306. ОCЛC 4665144.
  • Инглеҳарт, Роналд Ф., „Гивинг Уп он Год: Тҳе Глобал Деcлине оф Религион“, Фореигн Аффаирс, 99-жилд, но. 5 (2020-йил сентабр–октабр),  110–118-бетлар.
  • Ланг, Андреw; Тҳе Макинг оф Религион. Тҳирд Эдитион. Лонгманс, Греэн, анд Cо. (1909).

Ҳаволалар

[edit | edit source]
  • Дин Cурлиэ каталогида